Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги “Silverleafe BMB Agro Trade Group” Ўзбекистон-Америка қўшма агрокластерининг умумий ер майдони 11 минг 300 гектарни ташкил этади. Кластерда қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашда замонавий, автоматлаштирилган, юқори самарали комплекс суғориш тизими – Пульсар технологиясини жорий этиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг беғараз кўмаги асосида молиялаштирилаётган Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқув семинари чоғида Сув хўжалиги вазирлиги ва соҳага алоқадор вазирлик, идоралар вакиллари, олимлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари, фермерлар, сув истеъмолчилари уюшмаларининг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур технологиянинг ишлаш жараёни билан танишдилар.
– Бу ерда Ўзбекистонда биринчи марта суғоришнинг Пульсар тизимини жорий этдик. Ушбу ҳудудда 30–40 йиллар илгари суғориш тармоқлари ётқизилган экан. Биз янги технологиялар олиб келиб, шу тармоқларни такомиллаштираяпмиз. Пульсар тизими АҚШда қўллай бошланганига 30–40 йиллар бўлган. Биз Ўзбекистонга нафақат ушбу тизимни, шу билан бирга суғориш бўйича турли янги технологиялар ва билимларни олиб келдик. Уларни республика бўйича ёйиш ниятидамиз.
Айтиш керакки, Ўзбекистон ва АҚШнинг иқлим шароити, суғориш усуллари ўртасида ўхшаш томонлар бор. Пахтакор туманидаги ҳолат ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу ерда тупроқнинг шўрланиш даражаси юқорироқ экан. Шу сабабли, шўрни енгиш учун янги усулларни қўллаяпмиз, – дейди “Silverleafe International” компанияси президенти Даниэль Паттерсон. – Сув ресурсларини тежашга эҳтиёж бор экан, Пульсар тизими ҳам такомиллашиб бораверади
Ушбу тизимда далага сув суғориш манбаидан ер ости ёпиқ қувур тизими орқали етказиб берилиши ҳисобига 30 фоизгача тежалади ва суғориш самарадорлиги ортади.
Бунда далада ер ости ва устки қувурлар, гидрант, автомат бошқариш тизими, назорат ўлчов асбоблари ўрнатилиб, шунинг билан бирга ўқариқлар ўрнига фойдаланиладиган эгилувчан қувурлар ҳисобига сарфланадиган сув меъёри ҳамда меҳнат харажатлари қисқаради.
“Silverleafe International” компанияси вице-президенти Мартин Уолкернинг таъкидлашича, Пульсар тизимининг афзаллиги – бу тизим орқали кенг ва катта майдонларни тезлик билан, яъни босим остида суғоришга эришилади. Майдонни кичик участкаларга бўлиб, ўқариқ олиб суғориш усулидан воз кечилади. Ўқариқ олишга сарфланадиган ерлардан фойдаланиш имкони яратилади.
Ушбу тизим Қўшма Штатларда 30–40 йилдан буён фойдаланиб келинаётганига қарамасдан, у йилдан йилга такомиллаштириб борилаяпти. Мисол учун, янги турдаги насослардан фойдаланиш жорий қилинаяпти. Компьютер имкониятлари ишга солинмоқда. Компьютерга киритилган контурнинг узунлиги, ерларнинг нишаблиги ҳақидаги маълумотлар эгилувчан қувурларни тешиш, зарур ҳолларда махсус қопқоқчалар билан ёпиш чоғида аниқликни таъминлашга хизмат қилади.
Матбуот хизмати
Ушбу материал "ТОМЧИ" мобил иловаси доирасида тайёрланди