Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида вилоят сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари учун соҳада замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларини қўллаш бўйича малака ошириш ўқув курслари бошланди. Уч кунлик тадбир Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, туман ирригация бўлимлари, вилоятдаги барча сув хўжалиги ташкилотларидан 200 нафарга яқин мутахассис қатнашмоқда.
Ўқув курсларида сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарор ва фармонлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маърузалар тингланади.
Иштирокчилар соҳада замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни қўллаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, сув ва электр энергиянинг ҳисоб-китоби, ерларнинг мелиоратив ҳолатини назорат қилиш ҳамда уларнинг бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, ушбу технологияларни жорий этганларни рағбатлантириш механизмлари ҳақида маълумотларга эга бўлишади.
Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати