Ўзбекистонда сув тежамкор суғоришнинг қандай турлари мавжуд?
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг 98 фоизи суғорма деҳқончиликка асосланган. Ҳозирги кунда юртимизда 4,3 млн. гектардан зиёд суғориладиган ерлар бўлиб, ушбу майдонларнинг тенг ярмига сув насослар ёрдамида етказиб берилади.
Шу боис кейинги йилларда тежамкор суғориш технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Республикамизда асосан томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет (пульсар) суғориш каби замонавий услублар қўлланилади.
Биргина 2019 йилгача бўлган даврда республикамизда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар 73,0 минг гектарни ташкил қилган бўлса, 2020 йилнинг ўзида фақатгина томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган майдонлар 50 минг гектардан ошди.
Томчилатиб суғориш технологиясининг қандай афзалликлари бор?
Томчилатиб суғориш тизими жаҳоннинг қишлоқ хўжалиги тараққий этган кўпгина мамлакатларида ҳам жорий этилган бўлиб, кенг жамоатчилик ва илмий жиҳатдан интенсив технология деб тан олинган.
Томчилатиб суғориш технологиясида сув ўсимликнинг илдиз қатламига бир текисда таъминлаб берилади. Бошқа усулларидан фарқи шундаки, даланинг экин жойлашган жойлари бир хилда намланади. Тупроқда ортиқча намлик юзага келмайди.
Бу суғориш режимида ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда сув берилади. Сув тўлиғича экинга етиб боради. Минерал ўғитларни ҳам бевосита сувга қўшиб бериш мумкин. Тупроқ қотиб қолмаганлиги боис техника билан ишлов беришга зарурат туғилмайди.
Мавсум давомида ҳар гектар майдон ҳисобига 50–60 л атрофида ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тежалади. Йил давомида бериладиган ўғитлар учун харажатлар томчилатиб суғорилганда 30 фоизга камаяди, вегетация даврида бериладиган ўғитлар учун харажатлар эса 50 фоизгача камаяди. Экиннинг ўғитни ўзлаштириши 90 фоиздан юқори бўлади.
Тупроғи эрозияга мойил енгил тупроқли, ер юзаси нотекис бўлган адир майдонларида ҳам экинларни томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан яхши самара беради.
Ёмғирлатиб суғориш тизими ҳақида маълумот берсангиз.
Ёмғирлатиб суғориш экинларни сунъий ёмғир ҳосил қилиш асосида суғоришга мўлжалланган суғориш усули ҳисобланади.
Ёмғирлатиб суғориш сув етказиб берувчи қувурлар ва ёмғирлатувчи махсус муҳандислик қурилмаси ёрдамида амалга оширилади.
Ёмғирлатиб суғоришда сунъий ҳосил қилинаётган ёмғирнинг жадаллиги суғорилаётган дала тупроғининг сув шимиш салоҳиятидан камроқ ёки унга тенг бўлиши лозим.
Ёмғирнинг жадаллиги бир минут давомида сепилган ёмғир миқдори (мм/мин) билан ўлчанади.
Ёмғирлатиб суғоришнинг самараси сунъий ҳосил қилинаётган ёмғир томчиларининг ўлчамларига тўла боғлиқ.
Ёмғир томчилари қанчалик майда бўлса, суғориш шунчалик сифатли бўлади, яъни майда томчили ёмғирлатиб суғоришда тупроқ яхши намланади, унда кўлмаклар ва сув оқимлари юзага келмайди, тупроқ қотиб қолмайди.
Ўлчами 2 мм. дан катта бўлган ёмғир томчиларида тупроқнинг қаттиқ зичланиши кузатилади. Шунинг учун ёмғирлатиб суғориш жараёнида ҳосил қилинаётган ёмғир томчиларининг катталиги 1–2 мм бўлиши тавсия қилинади.
Ёмғирлатиб суғориш узоқ муддат (тинимсиз) олиб борилганда, тупроқда кўлмаклар ҳосил бўлиши мумкин. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун ёмғирлатгичларнинг импульсли, яъни айланиб сув сепадиган турини қўллаш тавсия қилинади. Ўз ўқи атрофида айланиб сувни узиб-узиб сепадиган ёмғирлатгичлар энг кўп тарқалган ёмғирлатгичлар саналади.
Тупроғи ғовак ва сув ўтказувчанлиги кучли майдонларда чуқур илдиз отиб кетмайдиган (попук илдизли) экинларни, айниқса, сабзавотлар ва далага ёйиб экиладиган экинларни ёмғирлатиб суғориш яхши самара беради.
Тупроғи эрозияга мойил енгил тупроқли, ер юзаси нотекис бўлган адир майдонларида ҳам экинларни ёмғирлатиб суғориш тизимларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан яхши самара беради.
Кучли шамоллар тез-тез бўлиб турадиган ва тупроғининг сув ўтказувчанлиги паст бўлган ҳудудларда эса ёмғирлатиб суғоришни қўллаш тавсия қилинмайди.
Дискрет (пульсар) суғориш тизими қандай усул?
Пульсар суғориш тизими – республикамиз қишлоқ хўжалик экинларини сув билан таъминлашда янги замонавий автоматлаштирилган, юқори самарадорликка эга комплекс суғориш тизими ҳисобланади.
Ушбу тизимда суғориш манбасидан фермер хўжаликлари даласига сув етказиб беришда яроқлик муддатини ўтаб бўлган ички суғориш тармоқларида йўқотиладиган сувни тежаш ҳамда сув ер ости ёпиқ қувур тизими орқали етказиб берилиши ҳисобига 30 фоизгача тежалади ва суғориш самарадорлиги ортади.
Бунда далада ер ости ва устки қувурлар, гидрант, автоматик бошқариш тизими, назорат ўлчов асбоблари ўрнатилиб, шунинг билан бирга ўқариқлар ўрнига фойдаланиладиган эгилувчан қувурлар ҳисобидан сув ҳамда сувчилар сонини қисқариши эвазига иш ҳақи тежалади.
Қишлоқ хўжалик маҳсулот ишлаб чиқарувчиларига пульсар суғориш тизимини жорий қилиш учун ўртача сарфланадиган 2,4 млн. сўм маблағнинг 40 фоизи, яъни 4,8 млн. сўм қисми миқдорида давлат бюджетидан субсидия тақдим этиш мақсадга мувофиқ. Бунинг натижасида келажакда ушбу тизимни жорий қилувчи талабгорлар сонини ортишига, ички суғориш тармоқларини босқичма-босқич замонавий автоматик бошқарувли суғориш тизимига ўтишига ҳамда юқори суғориш самарадорлигига эришилади.
Кейинги пайтларда кучли шишувчан нам сақловчи полимер (гидрогель)лар орқали суғориш ҳақида кўп гапириляпти. У ҳақда маълумот берсангиз.
Гидрогель – сувда юқори бўкувчан синтетик полимер бўлиб, тупроқ таркибида, кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлаш имкониятини беради. Тупроққа атмосфера ёғинлари ёки суғориш йўли билан ўтган сув ўсимликлар илдизига бемалол ўтадиган ҳолатда сақланади.
Гидрогель маҳсулоти асосан республикамизда мавжуд бўлган маҳаллий хомашёлар асосида синтез қилинган. Шу сабабли хориждан келтирилган шу хилдаги маҳсулотларга нисбатан баҳоси 8 баробар арзон, лекин хусусиятлари жиҳатидан фарқ қилмайди.
Гидрогель ёмғир сувларида ўзининг оғирлигидан 200–300 марта, кўпчилик тупроқларда эса тупроқ таркибидаги турли тузларнинг миқдорига қараб 200–250 мартагача кўп сувни ютиши аниқланган. Амалда 10 г миқдордаги полимер 2 литрдан 4 литргача сувни сақлаб туриши кузатилади.
Гидрогель қумли тупроқлардаги намлик миқдорини оширади, шунингдек, гидрогель гранулалари томонидан сувни ютиш ва уни тупроққа ўтказиш жараёнидаги гидравлик кенгайиши ва қисқариши натижасида гил тупроқларнинг инфильтрацион хоссалари ортади.
Ўз таркибида минерал ўғитлар, микроэлементлар ва ўсимликларни турли касаллик ва бегона ўтлардан ҳимояловчи воситалар сақлайдиган гидрогелларнинг қўлланилиши, деярли барча ўсимликларда майсаларнинг тез униб чиқиши, ривожланиши ва ҳосилдорлик имкониятини оширади. Натижада жуда катта миқдордаги минерал ўғитлар ва сув тежалади, ер ости сувлари зараланишининг олди олинади. Энг муҳими илгари фойдаланиш мумкин бўлмаган ерларга экин экиб, ҳосил олш имконияти юзага келади.
Тупроқ остидан суғориш қандай амалга оширилади?
Тупроқ ичидан (остидан) суғориш сувни тупроқ ичида жойлаштириладиган қувур ва шланглар тизими ёрдамида экиннинг илдиз қатламига етказиб беришга мўлжалланган суғориш тизими ҳисобланади.
Тупроқ остидан суғориш сувнинг тупроқ ичида юқорига қараб капилляр кўтарилишига асосланган бўлиб, бунда тупроқнинг шимиб олиш кучи муҳим роль ўйнайди.
Бу усулда суғориш ер остига маълум (0,2–0,4 м) чуқурликда ётқизилган махсус тешикчалари бўлган кичик диаметрли қувурлар (қаттиқ шланглар) ёрдамида амалга оширилади. Махсус ишлаб чиқарилган бу қувурга томизгичга ўхшаш сув чиқаргичлар ўрнатилган бўлади. Улар бири-биридан маълум масофада (одатда, 0,5–1 м) жойлашган бўлади.
Тупроқ ичидан суғориш тизимлари сувни етказиб бериш тамойилига кўра қуйидаги турларга бўлинади:
Матбуот хизмати