Ўзбекистон Республикаси |
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан
алоқалар шўъбаси тўғрисидаги
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1.1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-3672-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқарув органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-сонли ҳамда 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 500-сонли қарорлари асосида ишлаб чиқилган.
1.2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб юритилади) Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар шўъбаси (кейинги ўринларда Матбуот хизмати деб юритилади)нинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари ва ҳуқуқларини ҳамда фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
1.3. Матбуот хизмати Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ҳамда бевосита Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирига бўйсинади.
1.4. Матбуот хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири буйруқларига, вазирликнинг ҳайъат ва кенгайтирилган йиғилиш қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
1.5. Матбуот хизмати фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тегишли хизматлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади.
II. Матбуот хизматининг асосий вазифалари ва функциялари
2.1. Қуйидагилар Матбуот хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти томонидан замонавий талабларга мувофиқ белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;
ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари билан самарали ва амалий ҳамкорликни таъминлаш;
кенг жамоатчиликни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг фаолияти, унинг соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўғрисида холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш;
оммавий ахборот воситалари (кейинги ўринларда ОАВ деб аталади) билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, Матбуот хизмати билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш, ахборот хабарларини (матбуот учун ахборотлар, бюллетенлар ва шу кабиларни) тарқатиш;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида ахборотни тезкорлик билан жойлаштириш ва ўз вақтида янгилаб бориш, Интернет тармоғидаги веб-ресурсларни, шу жумладан, ижтимоий ва мобиль тармоқларни ривожлантириш;
ахборот майдонида сув хўжалиги соҳасига оид материалларни умумлаштириш, таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришнинг турлари, усуллари ва даражаси бўйича экспертлар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш, ОАВ, шу жумладан, Интернет тармоғида материаллар тарқатиш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш;
вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари билан биргаликда миллий ва хорижий ОАВда тарқатиш учун хабар, ахборот-маълумот материаллар, шарҳлар ва ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
вазирлик фаолиятини хорижий ОАВда сифатли ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (фото, аудио ва видеоматериаллар, босма маҳсулотлар ва шу кабилар) билан таъминлаш;
вазирлик фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрининг ҳолати ҳамда миллий ва хорижий ОАВ позициясини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида вазирлик раҳбариятига ахборот бериш;
вазирлик фаолиятига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллар маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш.
2.2. Матбуот хизмати юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги функцияларни бажаради:
ОАВда, шу жумладан, Интернет тармоғида ахборот эълон қилади (чоп этади), шунингдек, уларни расмий веб-сайтларда, ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга жойлаштириш ва янгилаб боришни таъминлайди;
тадбирларни, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва унинг ўринбосарлари иштирокидаги тадбирлар (мажлислар, йиғилишлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар)ни ташкил этади ва ўтказади;
ОАВ ва журналистларнинг сўрови асосида уларга оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан, электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этади;
Матбуот хизмати олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотни вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда тўплайди ва уларни пухта ишлайди;
вазирликнинг фаолиятига доир масалалар бўйича босма материалларни тайёрлайди ҳамда миллий ва хорижий нашрларда эълон қилади, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ташкил этади, соҳада амалга оширилаётган давлат сиёсатини ОАВларида ёритади;
вазирликнинг фаолиятига доир масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини ўрганишга доир таҳлилий ишларни амалга оширади, вазирлик раҳбариятига ахборот бериш учун эълон қилинган долзарб материаллар шарҳларини тайёрлайди;
ОАВ билан ахборот-маълумотнома ишларини амалга ошириш учун вазирлик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таҳлилий, статистик ва бошқа материалларнинг тизимлаштирилган маълумотлар банки ташкил этилиши ва юритилишини таъминлайди;
вазирлик фаолиятини энг тўлиқ ва холисона ёритиш мақсадида миллий ва хорижий ОАВ ҳамда журналистлар билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг веб-сайти ташкил этилиши ва уни замонавий даражада юритилишини таъминлайди;
вазирлик томонидан ташкил этиладиган расмий тадбирлардан теледастурлар, роликлар ва лавҳалар тайёрлашда ва уларни монтаж қилишда иштирок этади ҳамда ушбу материалларни белгиланган тартибда сақлаш учун уларнинг архивлаштирилишини таъминлайди;
вазирлик фаолиятига доир фото, аудио ва видеоматериалларни тайёрлайди ҳамда уларни тайёрлаш жараёнида давлат ва нодавлат ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
вазирлик фаолиятига доир фото, аудио ва видеоматериаллар маълумотлар банки шакллантирилиши ва юритилишини таъминлайди.
2.3. Матбуот хизмати ўз ваколатлари доирасида миллий ва хорижий ОАВнинг Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг фаолияти тўғрисидаги материалларни тайёрлашда кўмаклашиш тўғрисидаги буюртманомалари ва сўровларини кўриб чиқади.
III. Матбуот хизматининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
3.1. Матбуот хизмати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Матбуот хизматининг вазифалари ва функцияларини бажариш учун зарур бўлган ахборотни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати бошқармалари ва бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда вазирлик тасарруфидаги Республика ва тизим ташкилотларидан белгиланган тартибда сўраб олиш;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ҳайъат йиғилишларида, вазирлик марказий аппаратининг кенгайтирилган йиғилишларида ва бошқа тадбирларида қатнашиш;
қўйилган вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири билан келишган ҳолда вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларини жалб этиш, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ва малакали экспертларини, шу жумладан, шартнома асосида жалб этиш;
бошқа вазирлик ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш;
раҳбариятнинг топшириғига кўра давлат органларида республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган тадбирларда Матбуот хизмати ваколатига тааллуқли масалалар бўйича вазирлик номидан вакиллик қилиш;
ўз ваколатлари доирасида босма нашрларни чоп этиш;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ахборот сиёсатини такомиллаштиришга доир таклифларни, Матбуот хизмати фаолияти масалалари бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаларини раҳбариятнинг кўриб чиқиши учун киритиш.
3.2. Матбуот хизмати:
ўзига юкланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;
вазирлик фаолиятининг миллий ва хорижий ОАВда холисона, сифатли ва тезкор ёритилишини таъминлаш учун жавоб беради.
IV.Матбуот хизмати фаолиятини ташкил этиш
4.1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 500-сонли қарорига мувофиқ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар шўъбаси битта штат бирлигидан иборат таркибда ташкил этилади.
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар шўъбасининг мавжуд штат бирлигини қисқартиришга ва уни вазирликнинг бошқа таркибий бўлимларига қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди.
4.2. Матбуот хизмати фаолияти Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири томонидан тасдиқланадиган иш режаси асосида ташкил этилади.
4.3. Матбуот хизматига Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раҳбар бошчилик қилади.
4.4. Матбуот хизмати раҳбари бевосита Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг матбуот котиби ҳисобланади.
4.5. Матбуот хизмати раҳбари:
Матбуот хизмати фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда Матбуот хизматига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Матбуот хизмати фаолиятини ташкил этади, режалаштиради ҳамда вазирликнинг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;
4.6. Матбуот хизмати фаолиятини ахборот, ҳуқуқий, моддий-техник ва транспорт билан таъминлаш, шунингдек, ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш вазирлик марказий аппаратининг бошқарма ва бўлимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
V. Матбуот хизмати фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини
баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари
5.1. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг барча бошқарма ва бўлимлари қаторида Матбуот хизматининг ҳам иш самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам равишда баҳоланиб борилади.
5.2. Матбуот хизматининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш, вазир томонидан тасдиқланадиган вазирлик марказий аппаратининг барча бошқарма ва бўлимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари асосида амалга оширилади.
5.3. Матбуот хизматининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш, вазир кўрсатмасига мувофиқ вазир ўринбосарлари, Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси Кадрлар бошқармаси ҳамда Юридик бошқарма томонидан амалга оширилади.
5.4. Матбуот хизматининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш, унинг фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.
VI. Матбуот хизмати раҳбари меҳнатига ҳақ тўлаш
ва моддий рағбатлантириш
6.1. Матбуот хизмати раҳбарининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.
6.2. Матбуот хизмати раҳбарининг иш ҳақи, лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақлар ва устамалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 500-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ тўланади.
VII. Матбуот хизматининг ҳисобдорлиги
7.1. Вазирлик Матбуот хизмати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-3672-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси бўйича ўз фаолиятида тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирига бўйсинади ва фақат вазирга ҳисобдор ҳисобланади.
7.2. Вазир вақтинчалик бўлмаган ҳоллар (хизмат сафари, меҳнат таътили ва бошқа ҳолатлар)да вазирнинг биринчи ўринбосарига ҳисобот бериши мумкин.
7.3. Вазир талабига мувофиқ Матбуот хизматининг фаолиятига тааллуқли Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва (йиғилиш баёнлари) топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг (маслаҳатчиларининг) топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва (йиғилиш баёнлари) топшириқлари, вазирлик буйруқлари, ҳайъат қарорлари, йиғилиш баённомалари топшириқлари ижроси бўйича вазирлик марказий аппарати йиғилишларида, вазир ва унинг ўринбосарлари ҳузурида ўтказиладиган йиғилишларда ҳам ҳисоботи эшитилиши мумкин.
VIII. Мазкур Низомнинг бажарилишини назорат қилиш ҳамда
Матбуот хизматини тугатиш
8.1. Матбуот хизматининг фаолиятини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири томонидан амалга оширилади.
8.2. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
8.3. Матбуот хизматининг фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши мумкин.