Сув хўжалиги фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар – соҳани ривожлантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 февралдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5330- сонли Фармони. Унга асосан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3672-сонли Қарори. Унга асосан Сув хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси, бошқарув ходимларининг чекланган сони, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, тизимдаги эксплуатация ташкилотларининг тузилмалари ва бошқарув ходимларининг чекланган сони тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 500-сонли қарори. Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланиб, вазирликнинг асосий фаолияти ва вазифалари белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4486-сонли Қарори. Унга кўра мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, ирригация ва мелиорация лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш, сув хўжалигини бошқариш соҳасида бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳада илм-фанни ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5055-сонли қарори. Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси ва вазирлик марказий аппаратининг тузилмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тузилмаси ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси ҳамда қуйи сув хўжалиги органлари аппаратининг намунавий тузилмалари тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектларини хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6200-сонли Фармони.Унда Сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди.
Вазирлик тизимидаги марказий ва ҳудудий ташкилотларда ҳозирда қарийб 30 мингдан зиёд мутахассис-ходимлар меҳнат қилмоқда.