Сув хўжалигини бошқаришда Жанубий Корея тажрибаси
Мамлакатимиз сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришда ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш, соҳага замонавий сув тежовчи технологиялар, илғор тажрибаларни кенг жорий қилиш муҳим ўрин тутади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қатор хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қанча истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Корея Халқаро Ҳамкорлик ташкилоти (КОIСА) билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш дастури” шулар жумласидандир. Мазкур дастурга асосан сув хўжалиги тизими раҳбар ва масъул ходимларидан иборат делегация яқинда Корея Республикасида бўлиб қайтди.
Дастур доирасида Корея иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалигини бошқариш ҳамда ривожлантиришга доир маърузалар тингланди, шунингдек, сув хўжалиги ташкилотлари фаолияти билан танишдик.
Мамлакатда 1 миллион 300 мингдан кўпроқ фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. Аксарият фермер хўжаликларининг ўртача ер майдони 1,3 га. ни ташкил этади. Фақатгина 82 мингга яқин фермерларгина 3 га. дан кўпроқ ер майдонига эга.
ХХ аср бошларига қадар мамлакатнинг асосий қишлоқ хўжалиги экини шоли саналган. Аммо бугунги кунда фермерлар мева, сабзавот, ўрмончилик, чорвачилик маҳсулотларини ҳам кўп миқдорда етиштирмоқдалар.
2018 йилда ишлаб чиқарилган жами қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг умумий қиймати 50 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, шунинг 10 млрд. долларлик миқдори экспортга чиқарилган.
Кореянинг 4 та йирик дарёси бор: Ханган, Имжинган, Кимган ва Нактонган. Уларнинг суви асосан мамлакат ҳудудида шаклланади.
Кореяда ҳамма фойдаланадиган сувнинг йиллик ҳажми 33 млрд/м3 ни ташкил этади. Шундан 10,0 млрд/м3 тўғридан-тўғри дарёлардан олинади. Бошқариладиган сув лимити 19,0 млрд/м3 га тенг. Ер ости сувлари захираси 4,0 млрд/м3 дан ортиқ.
Мамлакатда 18 минг дона сунъий сув ҳавзалари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий сиғими 16,0 млрд/м3 ни ташкил этади.
Корея Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, дарё, канал ва сув омборларидаги мавжуд сувни бошқариш, уни фермер хўжалиги ер майдонларига ва бошқа истеъмолчиларга етказиб бериш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, бу жараён “Ақлли сув” сайти орқали бошқариб борилади.
Биз бўлган Кимче провинциясидаги Корея қишлоқ жойларини ривожлантириш давлат корпорациясининг Донжи бошқармаси 20466 га майдонга хизмат кўрсатади. Бошқарманинг жойларда 45 та дала бўлими мавжуд. Ҳудудда бошқариладиган сув хўжалиги объектлари сони 72 та, сув омборлари сони 21 та, насос станциялари сони 118 тани ташкил этади. Бошқарманинг умумий оладиган сув миқдори 55 минг м3 дан иборат.
Бошқарма сувни дарёдан фермер хўжалигининг даласигача етказиб беради. Бу жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Барча сув омборлари ва каналларда видео кузатув жорий этилган.
Корея Республикаси “Ақлли сув” сайтидан аҳоли ва фермер хўжаликлари бемалол фойдаланишлари мумкин. Сайт орқали об-ҳаво, сув омборлари, каналлардаги сувнинг ҳажми тўғрисидаги маълумотларни кузатиб бориш мумкин. Бу маълумотлар мунтазам янгиланиб борилади.
Корея Республикаси сув хўжалиги тизими фаолияти билан танишиб, мамлакатимизда сув хўжалигини бошқаришда ахборот-коммуникация технологиялари асосида “Ақлли сув” тизимини жорий этиш, сувдан оқилона фойдаланиш даражасини ошириш, суғоришнинг самарали усулларини қўллашни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ушбу мақсадларга имтиёзли кредитлар ажратиш ва солиқ имтиёзлари бериш мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, келгусида сувга нисбатан кам талабчан қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларини кенгайтириш, сувдан фойдаланувчилар, айниқса, фермер хўжаликлари ўртасида сувдан тежамкор фойдаланиш бўйича ўқув-семинарлар, амалий машғулотлар ташкил этиш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш яхши самара беради.
“Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги”
журналининг 2019 йил 1-сонидан олинди.